Ворислик – шахснинг вафотидан кейин унга хусусий мулк асосда тегишли бўлган мол-мулкнинг, шунингдек мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган баъзи ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг меросхўрларга ўтишидир.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Шунга кўра, қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1113-моддасида мерос таркиби белгиланган бўлиб, унда мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар яъни ашёлар, шу жумладан, пул ва қиммати қоғозлар, мулкий ҳуқуқлар, интеллектуал мулк объектларига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуқлар, мулкий мажбуриятлар, шу жумладан қарзлармерос таркибига кириши белгиланган.
Жумладан, мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи, алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи кириши, аммо мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмаслиги ҳамда мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари, мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши белгилаб берилган.
Фуқаролик кодексининг 1118-моддасида меросхўрлар деб, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар ва мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ҳамда мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги ҳамда мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги белгиланган.
Янгийўл тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Н.Анарқулова